Солиқ имтиёзлари
Қуйидагиларнинг мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади:
1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқароларнинг.
2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонунчилик билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар.
3) собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёхуд ҳарбий хизматнинг ёки ички ишлар органларидаги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг ота-оналари ҳамда бева хотинлари (бева эрлари).
4) энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга;
5) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар. Мазкур имтиёз етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат томонидан ажратиладиган уй-жой учун улар йигирма уч ёшга тўлгунига қадар амал қилади.
Қуйидаги жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулк 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади:
1) ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор ота-оналаридан бирининг. Мазкур имтиёз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси асосида берилади;
2) пенционерларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади;
3) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
Ушбу моддада кўрсатиб ўтилган солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади.
Ушбу солиқ имтиёзлари мулкдорнинг танловига кўра фақат битта яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектига татбиқ этилади, бундан 4‑бандда кўрсатилган шахслар мустасно.
Солиқ имтиёзлари
Солиқдан қуйидагилар озод қилинади:
1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар;
2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонунчилик билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар.
3) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
4) ёлғиз пенционерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенционерлар ёлғиз пенционерлар деб тушунилади;
5) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир;
6) Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқаролар;
7) энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга.
Ушбу солиқ имтиёзлари, бундан 5-бандда кўрсатилгани мустасно, якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга берилади.
Бунда мазкур солиқ имтиёзлари солиқ тўловчининг танлови бўйича фақат битта ер участкасига берилиши мумкин, бундан 7-бандда кўрсатилган шахслар мустасно.
Солиқ кодексининг 378-моддаси. Солиқ солинмайдиган даромадлар
Қуйидаги даромад турларига солиқ солинмайди:
1) моддий ёрдам суммалари:
вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган моддий ёрдам суммалари — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда;
ушбу Кодекснинг 377-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда, — солиқ даври учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда;
2) солиқ агенти томонидан қуйидаги йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, бундан туристик йўлланмалар мустасно:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматини ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ушбу иш берувчида ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек санаторий-курорт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг ўн олти ёшгача болалари (ўқийдиганларга — ўн саккиз ёшгача) учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари;
3) ўз ходимларига ҳамда уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек иш берувчининг даволашга ҳамда тиббий хизмат кўрсатишга, ногиронлик профилактикаси ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олишга оид харажатлари. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун иш берувчилар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида эса — унинг оила аъзоларига, ота-онасига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, бу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади;
4) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишлаш учун юборилиши муносабати билан қонунчиликда белгиланган суммалар доирасида бюджет ташкилотларидан чет эл валютасида олинган иш ҳақи суммалари ва бошқа суммалар;
5) вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришдан олинган даромадлар, агар бундай ишларга ёллаш вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари кўмагида амалга оширилаётган бўлса;
6) халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаганлиги учун спортчилар олган бир йўла бериладиган пул мукофоти;
7) солиқ тўловчиларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлар, бундан қуйидагиларни сотишдан олинган даромадлар мустасно:
қимматли қоғозларни (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган эмиссиявий қимматли қоғозлар мустасно), юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини);
нотурар жойларни;
ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни;
8) уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар ва ҳоказоларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно) чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадлар, бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно;
9) халқаро ҳамда республика танловлари ва мусобақаларида олинган буюм тарзидаги совринларнинг қиймати;
10) иш берувчидан солиқ даври мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги:
ходимлар натура шаклида олган совғалар;
илгари мазкур иш берувчининг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзолари томонидан олинган совғалар ҳамда бошқа турлардаги ёрдам;
11) жисмоний шахслардан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек текинга олинган пул ва натура шаклидаги даромадлар, бундан қуйидагилар мустасно:
илм-фан, адабиёт ва санъат асарларининг, адабиёт ҳамда санъат асарлари ижрочиларининг, шунингдек кашфиётлар, ихтиролар ва саноат намуналари муаллифларининг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) тўланадиган пул мукофотлари;
яқин қариндош бўлмаган шахслар ўртасидаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушлар;
12) давлат заёмининг облигациялари бўйича ютуқлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари бўйича фоизлар;
13) жамғарма сертификатлари, давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек банклардаги омонатлар бўйича фоизлар ва ютуқлар;
14) нодавлат нотижорат ташкилотларидан, халқаро ҳамда чет эл ташкилотлари ва фондларидан, шунингдек ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикасининг илмий-техника ҳамкорлиги соҳасидаги халқаро шартномалари доирасида солиқ тўловчи грант берувчидан бевосита олган грантнинг суммаси;
16) солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари:
Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, фарзандларининг, шунингдек йигирма олти ёшга тўлмаган эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов. Мазкур имтиёз солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларига нисбатан ҳам қўлланилади;
фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар;
солиқ базасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда, меценатлик кўмагини кўрсатиш;
олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваригача бўлган миқдорда қоплашга, башарти уй-жой фондининг кўчмас мулк объектларини сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидиялар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилган бўлса. Мазкур солиқ имтиёзи қарз олувчига ва (ёки) бирга қарз олувчиларга нисбатан, башарти уларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари жами суммаси белгиланган миқдордан ошмаса, татбиқ этилади. Бунда ёш оила бўлган эр-хотиннинг олган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашга йўналтирилган иш ҳақига ва бошқа даромадларига нисбатан солиқ имтиёзи эр-хотин ёки улардан бири белгиланган ёшга тўлгунига қадар, ушбу хатбошида бюджетдан ажратилган субсидиялар бўйича белгиланган шартлар инобатга олинмаган ҳолда қўлланилади. Агар 2023 йил 1 январдан кейин ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ёки реконструкция қилинган уй-жой фондининг кўчмас мулк объектлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ўттиз олти ой ичида бошқа шахсга ўтказилган бўлса, солиқ имтиёзининг амал қилиши солиқ имтиёзини қўллашнинг бутун даври учун солиқни тўлаш мажбурияти тикланган ҳолда бекор қилинади;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига;
17) жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги даромадлар, агар бу улушларни, пайларни ва акцияларни бериш яқин қариндошлар ўртасида амалга оширилса.
Юридик шахс ташкил этмаган чет эл тузилмасига нисбатан ёки қайси чет эл юридик шахси учун рўйхатдан ўтиш мамлакатининг қонунчилигига мувофиқ капиталда иштирок этиш назарда тутилмаган бўлса, ўша чет эл юридик шахсига нисбатан назорат қилиш ҳуқуқи, агар бундай ҳуқуқлар уларни бир оиланинг аъзолари ва (ёки) яқин қариндошлар бўлган шахслар ўртасида ўтказиш натижасида олинган бўлса, даромад олиш ёки даромадни тасарруф этиш ҳуқуқининг юзага келиши деб эътироф этилмайди;
18) пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган солиқ тўловчиларнинг бу ишларни бажарганлик учун олган даромадлари;
19) солиқ тўловчи бўлган қимматбаҳо металлар қидирувчиларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда қазиб олиш йўли билан эга бўлган қимматбаҳо металларни реализация қилишдан олган даромадлари;
191) солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари;
20) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан солиқ тўловчиларга бериладиган нафақалар, шунингдек пул маблағлари тарзидаги ёрдамнинг бошқа турлари, бироқ солиқ даври мобайнида ўн беш миллион сўмдан ошмаган ҳолда;
21) солиқ тўловчининг солиқ даври давомида қуйидагиларни тўлаш учун йўналтириладиган, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз бараваригача бўлган миқдордаги иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари:
халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини, тегишли халқаро ташкилот аъзоси сифатида бундай бадалларнинг тўланганлиги тўғрисида ҳужжат мавжуд бўлганда;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловларни, курсни тугатганлик тўғрисида шундай ташкилотлар томонидан берилган ҳужжат мавжуд бўлганда.
22) акциялар оммавий жойлаштирилганда корхоналар ходимларининг ўз ойлик иш ҳақидан ва унга тенглаштирилган тўловлардан ошмайдиган, ушбу корхоналар ходимларининг акцияларга эгалик қилиш режаси доирасида акцияларни сотиб олишга йўналтирилган маблағлари;
23) солиқ тўловчилар иш ҳақининг ва бошқа даромадларининг маҳаллий фонд бозорида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган қисми, қуйидаги шартларда:
солиқ даври давомида жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг юз бараваригача бўлган миқдорда;
тўловлар ўсиб бормайдиган тартибда тўланганда ва бир йўла тўланадиган тўловларни шартноманинг амал қилиш муддати бошланган кундан эътиборан ўн икки ой ичида қайтариб олмаслик шарти билан. Ушбу банднинг шартлари бузилган ёхуд шартнома муддатидан олдин бекор қилинган ва пул маблағлари тўлиқ ёки қисман қайтарилган тақдирда, қайтариладиган маблағларга тўлов манбаида солиқ солиниши лозим.
Солиқ кодексининг 379-моддаси.
Жисмоний шахсларни солиқ солишдан озод этиш
Қуйидагиларнинг даромадларига солиқ солинмайди:
1) чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг бошлиқлари ва ходимлари, консуллик муассасаларининг мансабдор шахслари, уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаса — Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган, дипломатлик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан ташқари барча даромадлари бўйича;
2) чет давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамаса, — Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган, дипломатлик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан ташқари барча даромадлари бўйича;
3) чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига хизмат кўрсатадиган ходимлар таркибига кирган шахслар, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамаса — ўз хизмати юзасидан оладиган барча даромадлари бўйича;
4) чет давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг уйларида ишловчилар, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамаса — ўз хизмати юзасидан оладиган барча даромадлари бўйича;
5) халқаро ноҳукумат ташкилотларининг мансабдор шахслари — агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаса, уларнинг ушбу ташкилотларда олган даромадлари бўйича.
Солиқ кодексининг 380-моддаси.
Айрим тоифадаги солиқ тўловчиларнинг жами даромадини камайтириш
Қуйидаги солиқ тўловчилар солиқ солишдан қисман (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар, ушбу қисмнинг 3-бандида кўрсатилган шахслар учун эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод этилади:
1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган шахслар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган шахслар. Бу имтиёз тегишинча «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси асосида берилади;
2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонунчилик билан белгиланадиган, уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, ногиронлиги бўлган бошқа шахсларга (қатнашчиларга) ногиронлиги бўлган шахснинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаси асосида берилади;
3) болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
4) собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёхуд ҳарбий хизматнинг ёки ички ишлар органларидаги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари). Бу имтиёз «Ҳалок бўлган аскарнинг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)» ёки «Ички ишлар органлари ҳалок бўлган ходимининг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)», «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳалок бўлган ходимининг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)» штампи қўйилган ёхуд пенсия гувоҳномасини берган муассаса раҳбарининг имзоси ва ушбу муассаса муҳри билан тасдиқланган тегишли ёзувли пенсия гувоҳномаси асосида берилади. Агар мазкур шахслар пенсионер бўлмаса, имтиёз уларга собиқ СССР Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ёки Ички ишлар вазирлигининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг тегишли органлари ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралар томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимининг ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида берилади. Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёхуд ҳарбий хизматнинг ёки ички ишлар органларидаги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ёки ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг бева хотинларига (бева эрларига) имтиёз фақат улар янги никоҳдан ўтмаган тақдирда берилади;
5) икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар. Бу имтиёз ҳар бир бола учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотнома асосида берилади;
6) икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ҳамда боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар. Бу имтиёз эрнинг (хотиннинг) вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, янги никоҳдан ўтмаганлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олинмаслиги ҳақидаги маълумотномаси тақдим этилган тақдирда берилади;
7) болалигидан ногиронлиги бўлган шахс, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота ёки она. Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси асосида берилади.
Ушбу моддада назарда тутилган солиқ имтиёзлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда қўлланилади.
Солиқ имтиёзига бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган тақдирда, солиқ имтиёзи унга бўлган ҳуқуқлар вужудга келган пайтдан эътиборан қўлланилади.
Агар солиқ тўловчи ушбу моддада назарда тутилган бир нечта асос бўйича солиқ имтиёзига доир ҳуқуққа эга бўлса, унга хоҳишига қараб фақат битта солиқ имтиёзи берилади.
Солиқ имтиёзини қўллаш солиқ тўловчининг асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи бўйича, асосий иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда эса — яшаш жойидаги солиқ органлари томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни ҳисоблаб чиқариш чоғида амалга оширилади. Солиқ имтиёзига бўлган ҳуқуқ йўқотилган тақдирда, солиқ тўловчи имтиёзга бўлган ҳуқуқни йўқотган пайтидан эътиборан ўн беш кун ичида бу ҳақда ундан солиқни ушлаб қоладиган юридик шахсга маълум қилиши керак.
Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган солиқ имтиёзлари солиқ тўловчининг фоизлар ва дивидендлар тарзида олинган даромадларига, шунингдек мол-мулкни ижарага топширишдан олинган даромадларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Агар фоизлар ва дивидендлар асосий иш жойи бўйича ҳисобланса, солиқ имтиёзини қўллаш асосий иш жойи бўйича амалга оширилади. Агар фоизлар ва дивидендлар асосий бўлмаган иш жойи бўйича ҳисобланса, солиқ имтиёзи жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида солиқ тўловчининг яшаш жойидаги солиқ органлари томонидан қўлланилади. Шунга ўхшаш тартиб мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга нисбатан ҳам қўлланилади.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 4 январдаги “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил дастури тўғрисида”ги ПҚ‑1902‑сон қарорининг 4‑банди 3‑хатбошисига асосан, 2020 йил 1 июлгача шартнома имзолаган жисмоний шахслар, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй‑жойлар қурилиши Дастури доирасида, ипотека кредитини тўлаб бўлмагунга қадар, харид қилинган уй‑жойлар бўйича мулк солиғини тўлашдан озод қилинадилар.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017‑2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ‑2660-сонли қарорининг 17-банди “а”-кичик бандига асосан, 2020 йил 1 июлгача Дастурни амалга ошириш доирасида “Ипотека банк” АТИБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака банк” АТБ томонидан берилган ипотека кредитини тўлаб бўлгунга қадар сотиб олинган квартиралар бўйича жисмоний шахслар (қарздорлар)нинг мулк солиғини тўлашдан озод қилинадилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ‑3651‑сонли Қарорининг 9‑банди 3‑хатбошисида мактабгача таълим нодавлат муассасаси ўз фаолиятини амалга ошира бошлагандан кейин ўн йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинишлари белгиланган.